ТОШКЕНТ, 1 апр – Sputnik. Европа, агар ҳарбий таҳдид юзага келса, АҚШ албатта ёрдамга келади деган фикрдан воз кечиши керак, деди Rheinmetall AG директорлар кенгаши раиси Армин Паппергер Financial Тimes газетасига берган интервьюсида.
“Паппергернинг айтишича, сўнгги ўн йилликлар давомида Европа етакчилари ҳарбий таҳдид юзага келган тақдирда Қўшма Штатлар қитъани қутқариш учун келишини оддий ҳол деб қабул қилган, аммо бундай бўлмайди”, — дея таъкидлайди газета.
Унинг тушунтиришича, АҚШ конгрессменлари томонидан Украинага қўшимча ёрдам берилаётгани Европага сигналдир: Вашингтон “энди бунинг учун пул тўламайди”. Паппергернинг сўзларига кўра, АҚШ ҳозир ўз кучларини Осиё-Тинч океани минтақасига жамламоқда ва агар тўлиқ миқёсли қуролли тўқнашув юзага келса, “АҚШ эътиборини Осиёга қаратади, Европа эса бутунлай ёлғиз қолади”.
Паппергер 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловларида ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, Германияда ҳарбий қайта қуролланиш жараёни давом этишини таъкидлади. Шу билан бирга, унинг фикрича, Американинг собиқ президенти Доналд Трампнинг эҳтимолий ғалабаси Германияга кўпроқ салбий таъсир кўрсатади.
У, шунингдек, Европа давлатларини Америка фирмалари билан рақобатлаша оладиган йирик қурол компанияларини яратишга чақирди. Паппергер Европада ҳамкорлик даражасини ошириш учун муайян давлатлар муайян ҳарбий технологияларга ихтисослашиши зарур, деган фикрни билдирди. Унинг қўшимча қилишича, келажакда саноат корхоналарини бирданига кўплаб мамлакатларда жойлаштириш ва у ерда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Rheinmetall AG концерни 1889 йилда ташкил этилган Германиядаги асосий қурол ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Ускуналар қаторига GTK Boxer ғилдиракли жанговар зирҳли машина, Puma пиёдалар жанговар машиналари ва Wiesel ҳаво десантларининг кузатув машиналари киради.
Концерн ўқ-дорилар ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади: Паппергер аввалроқ компания 2022 йилгача бўлган даврда бу кўрсаткич 70 минг дона бўлса, 2025 йилда компания йилига 700 мингта артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришга қодир бўлишини ваъда қилган эди.
Бироз олдин Паппергер Украинада йилига 400 та танк ишлаб чиқарувчи завод қуриши мумкинлигини маълум қилган эди.
Март ойи ўрталарида Papperreg.Rheinmetall Украинада снарядлар, ҳарбий техника, порох ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ишлаб чиқариш учун камида тўртта қурол заводи қуришни режалаштираётгани ҳақида баёнот берди. Бунгача, февраль ойининг ўрталарида ушбу йирик ҳарбий техника ишлаб чиқарувчиси Украина корхонаси билан Украинада 155 миллиметрли артиллерия снарядларини ишлаб чиқариш бўйича келишув имзолаганини эълон қилган эди. Шунингдек, концерн Украинада Lynx пиёдаларининг жанговар машиналари ва Fuchs зирҳли транспортёрларини йиғишни режалаштирмоқда.