Дзюдо: Ўзбекистон терма жамоаси “Катта дубулға” турнирида дастлабки медалига эга чиқди

Шаҳрам Аҳадов олтинчи бор “Катта дубулға” турнирида шоҳсупага кўтарилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Туркияда ўтаётган “Катта дубулға” турнирида ўзининг дастлабки медалига эга чиқди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Анталя “Катта дубулға” турнирида ўзининг дастлабки медалига эга чиқди. -73 кг вазн тоифасида юрт шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам Аҳадов бронза медалига сазовор бўлди.
“Ҳамюртимиз учинчи ўрин учун кечган баҳсда тожикистонлик Абубакр Шеровдан устун келди. Бу натижа Аҳадовга жаҳон ва Париж-2024 Олимпиадаси рейтинги учун 500 очко тақдим этади”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, 29 март куни Туркиянинг Анталя шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири бошланди. Унда 93 мамлакатдан 628 нафар спортчи иштирок этмоқда. Бунгача ўзбекистонлик спортчилар “Катта дубулға” турнирларида 1 та олтин ва 4 та бронза медалларни қўлга киритишган.