ТДИУ талабалари Москвадаги халқаро олимпиадада фахрли ўринни эгаллади

Олимпиадада 67 та университетдан 89 та жамоа ва умумий ҳисобда 524 нафар талаба “Бухгалтерия ҳисоби” йўналишидаги билимлари билан мусобақалашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари Москвадаги халқаро олимпиадада фахрли ўринни эгаллади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
27-29 март кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” факультетининг талабаларидан иборат университет жамоаси Патрис Лумумба номидаги Россия Халқлар дўстлиги университетида бўлиб ўтган “Атрофимиздаги бухгалтерия ҳисоби” халқаро олимпиадасида иштирок этди.
Танлов якуни бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети кафедра мудири, профессор Абдунаби Пардаев раҳбарлигида 3-курс талабаси Акром Комилов МДҲ мамлакатлари университетлари орасидаги якка тартибдаги танлов якуни бўйича фахрли биринчи ўринни, шунингдек, олийгоҳ жамоаси умумий ҳисобда фахрли 3-ўринни эгаллади.
Мазкур олимпиадада 67 та университетдан 89 та жамоа ва умумий ҳисобда 524 нафар талаба “Бухгалтерия ҳисоби” йўналишидаги билимлари билан мусобақалашди.