ТОШКEНТ, 29 март — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитаси қисқа вақт ичида терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашда ўз самарасини кўрсатди, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтаётган ШҲТ МАТТ Кенгашининг 41-мажлиси иштирокчиларига йўллаган мурожаатномасида.
“ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси қисқа вақт ичида ёвузликнинг учта кучига қарши курашда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришга кўмаклашиш ва бир қатор масалаларни ҳал этишда ўз самарадорлигини кўрсатди”, - дейилади мурожаатномада.
Президент мурожаатномасини Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг биринчи ўринбосари Ботир Турсунов ўқиб эшиттирди.
Мирзиёев, шунингдек, Ўзбекистон кўп томонлама ҳамкорлик, терроризм, экстремизм, сепаратизм ва терроризмга қарши курашишнинг ўзига хос платформаси сифатида МАТТ ролини янада ошириш ва фаолиятини кенгайтиришга катта аҳамият беришини таъкидлади.
Ўзбекистон раҳбари "МАТТнинг ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш, амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш”, шунингдек, унинг барча иштирокчилари томонидан “пайдо бўлаётган хавф-хатарларни олдиндан кўриш ва уларга тезкорлик билан жавоб бериш ҳамда фаровон ҳаётни таъминлаш мақсадида умумий тадбирлар ўтказишни” устувор йўналиш деб атади”.
ШҲТ МАТТ Кенгаши мажлисида Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари делегациялари иштирок этмоқда.