Ўзбекистонликларни 1 апрелдан қандай янгиликлар кутмоқда — тафсилотлар

Шу йилнинг 1 апрелидан архитекторлар, ёлғиз кексалар, номоддий маданий меросни сақловчи шахслар ва тадбиркорлар учун бир қатор қулайликларни назарда тутувчи ҳужжатлар кучга киради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб банк устав капиталининг энг кам миқдори босқичма-босқич оширилади, айрим ёлғиз кексаларга поездга бепул чипталар ажратилади, номоддий маданий меросни сақловчи шахслар ҳар ойда рағбатлантирилади. Батафсил Sputnik Ўзбекистон материалида.

Банк устав капиталининг энг кам миқдори босқичма-босқич оширилади

“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритилди. Унга кўра, 2024 йил 1 апрелдан банк устав капиталининг энг кам миқдори 350 миллиард сўмни ташкил этади.
Илгари банк устав капиталининг энг кам миқдори 100 миллиард сўмни ташкил этиши лозим эди.
Шунингдек, ташкил этилаётган ёки қўшиб юбориш, бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган банк устав капитали юқорида назарда тутилган кундаги миқдорлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Айрим ёлғиз кексаларга поездга бепул чипталар ажратилади

“Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади.
2024 йил 1 апрелдан реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи 1 нафар шахсга бир йилда бир марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида айрим хизматлар кўрсатилади

2024 йил 1 апрелдан Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида:
уларда жойлаштирилган шахсларга уларнинг эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра қисқа ва узоқ муддат қолиш ҳамда интернат уйидан бутунлай чиқиш имконияти яратилади;
улар томонидан мобил, кундузги қатнов шаклидаги, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади.
Бунда, мазкур хизматлардан:
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТга киритилган оилаларнинг ўзгалар парваришига муҳтож кексалари ва ногиронлиги бўлган шахслари бир йилда бир марта бепул;
ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари жойлашган ҳудуддаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар шартнома асосида фойдаланади.
Номоддий маданий меросни сақловчи шахслар ҳар ойда рағбатлантирилади
“Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори билан номоддий маданий меросни сақловчи шахслар ҳар ойда рағбатлантирилади.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 апрелдан:
ноёб ва (ёки) йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи 20 нафар шахс аниқланиб, уларга кўмаклашилади ҳамда фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари белгилаб берилади. Ушбу кўрсаткичларни бажарган номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи шахслар ҳар ойда 5 млн сўм миқдорида рағбатлантириб борилади;
алоҳида аҳамиятга эга номоддий маданий мерос намуналарини ёзиб олиш ва кенг тарқатиш учун ҳар йили 50 та аудиовизуал асар яратишга давлат буюртмаси берилади.
Қарорга кўра, номоддий маданий мерос намуналарини “тайёрлаш–ўргатиш–тиклаш–оммалаштириш” яхлит узлуксиз тизим асосида ривожлантирилади.
Номоддий маданий мерос намуналарини комплекс ривожлантириш бўйича илмий-амалий ва ижодий мактаблар фаолияти йўлга қўйилади.
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институтида этнофольклор лабораторияси ташкил этилади. 2024 йил 1 апрелдан шаҳарсозлик соҳасидаги қуйидаги тоифа мутахассисларни уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар 3 йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади.

Туман (шаҳар) ва вилоят архитекторлари рағбатлантирилади

“Маъмурий ислоҳотлар доирасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига кўра, туман (шаҳар) ва вилоят архитекторлари рағбатлантирилади.
Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ва туманлар бўлимлари Тошкент шаҳри ҳокимлиги бўйсунувидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўйсунувига ўтказилиб, Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ва туманлар бўлимларига айлантирилади.
Қонунчиликка кўра, 2024 йил 1 апрелдан шаҳарсозлик соҳасидаги қуйидаги тоифа мутахассисларни уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар 3 йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади:
туман (шаҳар) ва вилоят архитекторлари;
қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари инспекторлари.
Бунда, мутахассисларни сертификатлаш ишларини ташкил этиш бўйича ишчи орган функцияси Компетенцияни ривожлантириш институтига юкланади.

Айрим тадбиркорларга субсидия берилади

2024 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелгача меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар меҳмонхонанинг камида 3 та хонасини ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозласа, шунингдек, эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатса, уларга ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун қуйидаги миқдорларда субсидия берилади:
юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарга – 2 миллион сўм;
юлдузли тоифа олмаган меҳмонхоналарга – 1 миллион сўм.

“Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳаси амалга оширилади

“Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори билан, 2024-2025 йилларда республикада ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режаси тасдиқланган.
Унга кўра, 2024 йилдан ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўртасида республика танлови ўтказилади.
2024 йил 1 апрелдан:
“Маданият тўлқинлари” медиа лойиҳаси амалга оширилади;
Медиа лойиҳа доирасида танлов ўтказиладиган йўналишлар ва уларнинг концепцияси белгилаб берилиб, жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинган ва ғоявий юксак энг яхши 50 та медиа маҳсулотнинг ҳар бири 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади;
“Хон қабули” театрлаштирилган тарихий тантанали расмий қабул маросими намуна сифатида Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдасида ташкил этилади;
аҳоли орасида, айниқса, ижтимоий тармоқларда машҳур маҳаллий ва хорижий шахслар иштирокида “Юлдуз билан саёҳат” лойиҳаси амалга оширилади;
тегишли манзилларда “Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳаси амалга оширилади.