ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Хитой компанияси Фарғонада Ўзбекистон саноати учун янги бўлган маҳсулот турини ишлаб чиқармоқчи, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги.
Қайд этилишича, Хитой компанияси Фарғонада қурилиш монтаж пистолетлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Sichuan Shengyakai Fastening Equipment” компанияси раҳбари Гу Шанхонни ҳамда компаниянинг вилоятимиздаги маҳаллий ҳамкорларини қабул қилди.
Учрашувда Хитой компанияси томонидан Фарғонада амалга ошириш режалаштирилаётган қурилиш монтаж пистолетлари ишлаб чиқариш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Айтилишича, қурилиш сектори ривожланиб бораётган барча давлатларда ушбу маҳсулотга талаб юқори. Гу Шанхон, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ички бозор билан бирга хорижий давлатларга катта ҳажмда экспорт ҳам қилинишини айтиб ўтди.
“Фарғона билан кенг кўламли ҳудудлараро ҳамкорликда бўлган Сичуань провинциясида фаолият олиб борувчи “Sichuan Shengyakai Fastening Equipment” компаниясининг қиймати 10 млн доллар бўлган ушбу инвестицион лойиҳаси, Ўзбекистон саноати учун янги бўлган ушбу маҳсулот турини ишлаб чиқарилиши билан муҳим эканини қайд этган вилоят ҳокими, ушбу лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди”, — дейилади хабарда.