ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Тошкентда “Янги авлод” махсус саноат зонаси ташкил этилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
Унга кўра, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида “Янги авлод” махсус саноат зонаси (“Янги авлод” МСЗ) ташкил этилади (фаолият юритиш муддати 30 йил).
Саноат зонаси фаолияти давомида унинг иштирокчиларига махсус иқтисодий зоналари иштирокчилари учун белгиланган алоҳида солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар татбиқ этилади.
Саноат зонани бошқариш учун масъулияти чекланган жамият шаклида “Янги авлод” бошқарувчи компанияси ташкил этилади.
“Янги авлод” МСЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун зарур бўлган ер участкалари бошқарувчи компания томонидан “Е-auksion” электрон савдо платформаси орқали ижарага берилади.
МСЗ ҳудудида 2025 йил якунигача 1,5 миллиард доллар миқдоригача тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ўзлаштирилиши, натижада 2,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент “Янги авлод” махсус саноат зонаси тўғрисидаги ахборот билан танишган эди. Қайд этилишича, 664,5 гектар майдонни эгаллайдиган саноат зонасида йилига 1 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва 5 миллион доллар миқдорида экспорт амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Саноат зонаси Янгиҳаёт туманининг саноат салоҳиятини ошириш ва юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилмоқда.