Мирзиёев Путин билан телефон орқали мулоқот қилди

Мирзиёев Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи номидан вафот этганларнинг оила аъзоларига бардамлик, жароҳатланганларга тез фурсатда шифо топишларини тилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотқилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мулоқотда Мирзиёев Путинга ва дўст Россия халқига Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл" концерт залида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.
Мирзиёев Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи номидан вафот этганларнинг оила аъзоларига бардамлик, жароҳатланганларга тез фурсатда шифо топишларини тилади. Бегуноҳ инсонларга қарши қаратилган ушбу жиноят яна бир бор қатъий қораланди.
Россия етакчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон президентига ушбу оғир дамда билдирилган далда сўзлари ва зарур кўмакни кўрсатишга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди. Мамлакатлар хавфсизлиги ва барқарор тараққиётига таҳдид бўлган ушбу ёвуз кучга курашиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Жума куни кечқурун Красногорскдаги "Крокус Сити Холл"да отишма ва ёнғин содир бўлди. Бу вақтда у ерда “Пикник” гуруҳининг концерти бўлиши керак эди. Воқеа гувоҳи бўлган РИА Новости мухбирининг айтишича, камида уч киши камуфляжда ва ниқобсиз залга партер орқали кириб келган. Жиноятчилар одамларни аниқ масофадан отиб ўққа тутган, шунингдек, ёндирувчи шашкалар ҳам ташлаган. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, 93 киши ҳалок бўлган. Москва вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги 37 нафар қурбонлар рўйхатини эълон қилди. Юздан ортиқ жароҳатланганлар маълум, уч бола ҳалок бўлган.
Шавкат Мирзиёев Россия президентига ҳамдардлик билдирди