ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Наврўз байрами куни "Air Samarkand" компанияси Истанбулга ўзининг биринчи мунтазам парвозини амалга оширди.
Самарқанд халқаро аэропортида 21 март куни эрталаб тантанали муҳит ҳукм сурди. Ўзбекистоннинг "Air Samarkand" авиакомпанияси Airbus А321neo самолётида "Самарқанд – Истанбул – Самарқанд" йўналиши бўйича мунтазам парвозларни бошлади.
Компаниянинг хабарига кўра, Истанбул самарқандлик йўловчилар учун энг оммабоп йўналишларидан биридир. Тўлиқ салон (221 йўловчи) билан амалга оширилган биринчи парвоз бунинг исботи бўлди.
Самарқанд — Истанбул биринчи парвоз
© Sputnik/Анна Желиховская
"Air Samarkand" авиакомпаниясининг PR директори Олег Ивановнинг айтишича, биринчи босқичда парвозлар ҳафтасига икки марта - душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади. Самолётлар Самарқанддан соат 8:00 да учади. Истанбулдан қайтиш рейслари соат 12:30 да, Самарқандга 19:00 да етиб келиш режалаштирилган (ҳар бир нуқта учун маҳаллий вақт кўрсатилган, фарқ 2 соат). Парвоз вақти - 4,5 соат.
Авиакомпания келажакда парвозлар географиясини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
“Тез орада биз янги йўналишлар – Тбилиси, Дубай ва Жиддани очамиз. Бундан ташқари, апрель ойидан бошлаб Air Samarkand курорт йўналишлари учун чартер дастурини очади ва Пхукет, Балига ва Вьетнамдаги курортларга парвозларни бошлайди”, — деди Олег Иванов.
Авиакомпания элчиси бўлган хонанда Севара Назархон рейснинг илк йўловчилари билан учрашди.
У нафақат мухлисларга дастхат ёзиб берди, балки самолётга чиқишда интерфон орқали ўзининг хитларидан бир парчасини ижро этиб, барчага ёқимли парвоз тилади.
Самарқанд — Истанбул биринчи парвоз
© Sputnik/Анна Желиховская
Малумот учун, Air Samarkand — Самарқанд халқаро аэропортида жойлашган Ўзбекистон авиакомпанияси. 2022 йил апрель ойида ташкил этилган. Авиакомпания парки замонавий Airbus А330, А321 ва А321neo самолётларидан иборат. Компания жамоасида нафақат Ўзбекистондан, балки Россия ва Туркиядан ҳам мутахассислар бор.
Авиакомпаниянинг асосий мақсади самарқандликлар билан бир қаторда қўшни вилоятлар аҳолисига ҳам тўғридан-тўғри машҳур йўналишларга саёҳат қилиш, меҳмонларга эса оралиқ пунктларни айланиб ўтиб, Самарқандга ташриф буюриш имкониятини беришдан иборат.
Самарқанд — Истанбул биринчи парвоз
© Sputnik/Анна Желиховская