ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. 20 март куни “Оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йилдан ҳар йили анъанавий тарзда қуйидагилар ўтказилади:
оғир атлетика ва парапауэрлифтинг бўйича Марказий Осиё очиқ чемпионати;
оғир атлетика ва парапауэрлифтинг бўйича “Uzbekistan Open” Ўзбекистон очиқ чемпионати;
оғир атлетика бўйича Халқаро оғир атлетика федерациясининг тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман/шаҳар, вилоят ва республика) чемпионатлар ва кубоклар;
оғир атлетика ва парапауэрлифтинг бўйича давлат спорт-таълим муассасалари ўртасида Ўзбекистон чемпионати мусобақаси.
Спорт вазирлиги ҳузурида ўз фаолиятини 2025/2026 ўқув йилидан бошловчи Оғир атлетика маркази (Марказ) ташкил этилади.
2024 йил 1 сентябргача олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларидаги оғир атлетика базаларини халқаро талабларга жавоб берадиган спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланади ва кейинчалик мунтазам равишда махсус спорт кийимлари (экипировкалар) ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаб борилади.
2024 йил 1 сентябрдан Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Тошкент ва Самарқанд вилояти ҳудудий мактаблари очилади ва ушбу мактабларда оғир атлетика спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.