Мирзиёев МСК раисини фахрий унвон билан тақдирлади

Зайниддин Низомхўжаев фахрий унвон билан тақдирланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Мирзиёев МСК раисига ушбу юксак унвон ва кўкрак нишонини ўзи шахсан топширди.
Мазкур унвон Низомхўжаев қуйидаги хизматлари учун берилди:
давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати;
мамлакатда миллий сайлов тизимини умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари;
юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси;
таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан.
Маълумот учун, тиббиёт фанлари доктори, профессор З.Низомхўжаев узоқ йиллар қатор масъул лавозимларда фидокорона меҳнат қилган. У 2014 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган.