ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов билан учрашди.
Учрашувда ўзаро муносабатларда тўпланган ижобий тажрибага асосланиб, Россия университетлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон–Россия таълим форуми ҳақида гапириларкан, бундай анжуманлар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, Россиянинг энг йирик илмий марказларидан бири Курчатов институти миллий илмий маркази билан лойиҳаларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишди. Қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил қилиш ҳамда бу мақсадда янги ҳамкорлик ҳужжатини имзолаш юзасидан фикр алмашилди.