ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Қайси хонадонда ишсиз бўлса, бандлигига кўмаклашилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Қуюв-механика заводига ташрифи давомида маълум қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Қуюв-механика заводи майдони қирқ гектардан зиёд. Ҳозирда мажмуа йилига 1 минг 200 та юк вагони ишлаб чиқариш ва 1 минг 500 тасини таъмирлаш қувватига эга.
Президент Қуюв-механика заводининг салоҳияти билан танишди
© Пресс-служба президента Узбекистана
Ярим очиқ, усти ёпиқ, узун базали ҳамда дон, цемент, менерал ўғит ташишга мўлжалланган 6 турдаги юк вагонлари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, бу ерда 120 миллион доллар ҳисобига қуюв цехи барпо этилган. У йилига 26 минг тонна маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган. Бу ерда темир йўллар эксплуатацияси ва ҳаракат таркибида ишлатиладиган барча турдаги эҳтиёт қисмлар қуйилади.
Президент Қуюв-механика заводининг салоҳияти билан танишди
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Бугунги кундаги энг катта мақсадимиз - кўпроқ иш ўринлари яратиш. Масалан, бу йил мамлакатимизда 100 мингта уй қурмоқчимиз. Улар қачон одамларга маъқул бўлади? Ёнида иш ўрни билан бўлса. Шунинг учун, худди томорқаларда бўлаётганидек, кўп қаватли уйлар бўйича ҳам маҳаллаларда иқтисодий лойиҳалар қилинади. Қайси хонадонда ишсиз бўлса, бандлигига кўмаклашилади. Бунда мана шундай заводлар муҳим”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Заводда юк вагонлари қуриш, механика йиғув, ғилдирак йиғув, қуюв, таъмирлаш, темирчилик ва пресслаш, тайёрлов ва комплектлаш каби 26 та цех бор.
Корхонада 2018-2023 йилларда маҳаллийлаштириш дастури бўйича 100 га яқин турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. 2023 йилда жами 267 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, 10 миллион долларлик 170 та вагон ва эҳтиёт қисмлар экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт ҳажмини 15 миллион долларга етказиш бўйича шартномалар имзоланган.
Президент Қуюв-механика заводининг салоҳияти билан танишди
© Пресс-служба президента Узбекистана
Корхонада халқаро стандартларга мувофиқ ISO 9001 сифат менежменти ва ISO 50001 энергетика менежменти тизими жорий этилган.