Путин хоинларни қачон бўлса ҳам жазолашни топширди — тафсилотлар

Федерал хавфсизлик хизмати бошқарувининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Россия Федерал хавфсизлик хизмати бошқарувининг кенгайтирилган йиғилишида Владимир Путин идора ходимларини Украина қўпорувчилик ва разведка гуруҳларига қўшилган хоинларни унутмасликка чақирди.
Россия раҳбари бу жиноятчиларни номма-ном топиб, даъво муддатисиз жазолаш зарурлигини таъкидлади.
ФХХ фаолиятининг мазмуни ва юксак аҳамияти Россиянинг мустаҳкам суверенитетини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилишдан иборат, деди Россия етакчиси.
“Ишончим комилки, сизларнинг ҳар бирингиз Россия халқининг ишончини оқлаш учун белгиланган вазифаларни муносиб ҳал қиласиз. Ватанимизнинг мустаҳкам суверенитетини таъминлаш, Россия фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мазмуни ва юксак аҳамияти бўлган машаққатли ишингизда муваффақиятлар тилайман”, — деди Путин.
У ўз сўзида, шунингдек, Федерал хавфсизлик хизмати ишининг энг масъулиятли ва қизғин қисми махсус операция ўтказиш билан боғлиқ эканлигини айтди.
“Бугунги кундаги фаолиятингизнинг энг масъулиятли, шиддатли қисми, албатта, махсус ҳарбий операция ўтказиш билан боғлиқ. Бу ерда вазифалар доираси энг кенгдир”, — дея қайд этди у.
Қайд этилишича, Ғарб разведка идоралари Россияни шантаж қилиш ва қўрқитишга ҳаракат қилмоқда. Ғарб разведка хизматлари вакилларининг сўнгги провокацион баёнотлари шантаж ва Россия жамиятини қўрқитишга уринишларни эслатади.
“Яқинда Ғарбнинг қатор расмий тузилмаларининг Россияда терактлар содир этилиши мумкинлиги ҳақидаги, очиғини айтганда, провокацион баёнотларини эслатиб ўтаман. Буларнинг барчаси очиқдан-очиқ шантаж ва жамиятимизни қўрқитиш ва беқарорлаштириш ниятига ўхшайди”, — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, неонацист Киев режими Ғарб кўмаги билан террорчилик усулларига ўтди.
"Неонацист Киев режими яна Ғарбнинг кўмагида, кўпинча уларнинг бевосита кўрсатмалари билан террорчилик усулларига ўтгани табиий", — деди у.
Владимир Путин Россия олдида турган муаммолар изчил ва тизимли ишлашни талаб қилишини қайд этди.
“Биз дуч келаётган муаммолар <...> барча соҳаларда тизимли ва изчил ишлашни талаб қилади”, — деди Путин.
Россия президенти сўнгги пайтларда давлат чегараларини мустаҳкамлаш, жумладан, жанговар зонада ҳам кўп ишлар қилинганини, чегара қўшинларининг жиҳозланиши кучайтирилганини айтди.
“Сўнгги пайтларда давлат чегарасини мустаҳкамлаш, айниқса, жанговар ҳудудда жойлашган ҳудудларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Чегара идоралари қўшимча шахсий таркиб, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган. Натижаларини кўряпмиз”, — деди Россия президенти.