Наврўз байрамида қаерга бориш мумкин: самолёт ва поездларга чегирмалар

“Uzbekistan Airways” Наврўз байрами муносабати билан республика ичидаги барча рейсларга чегирмалар эълон қилди, “Ўзбекистон темир йўллари” эса қўшимча поездлар қатновини йўлга қўйди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 19 март – Sputnik. Ўзбекистонда Наврўз байрами муносабати билан дам олиш кунлари 4 кун — 21-24 март кунлари давом этади. Республика аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратиш мақсадида "Афросиёб" электропоездларида қўшимча қатновлар йўлга қўйилади ҳамда рейсларга чегирмалар жорий этилади.
“Uzbekistan Airways” Ўзбекистон бўйлаб барча рейсларга 30 фоизлик чегирма эълон қилди. Унга кўра, 21 мартдан 24 мартгача амалга ошириладиган рейслар учун чипталарни арзонлаштирилган нархларда харид қилиш мумкин. Мазкур имконият ҳам эконом, ҳам бизнес-класс учун амал қилади.
Масалан, Тошкентдан Самарқандга эконом классдаги самолёт чиптаси 234 минг сўм, бизнес-класс учун эса 482 минг сўмни такшил қилади. Тошкентдан Хивага 715 минг сўмга учиш мумкин.
Шу билан бирга, авиакомпаниянинг аниқлик киритишича, аввал сотиб олинган чипталарни чегирма билан қайта расмийлаштириб бўлмайди. Болалар учун чегирма – 30% (бу ҳолда уни тўғри ҳисоблаш учун эълон қилинган чегирма миқдори катталар учун тарифнинг 48% ни ташкил қилади).
Ўзбекистон ичида Тошкентдан республиканинг 8 та шаҳри — Фарғона, Наманган, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Термиз, Урганч ва Нукусга мунтазам қатновлар мавжуд.
"Афросиёб" тезюрар поездида саёҳат қилишни хоҳловчилар учун қуйидаги йўналишларда қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилади:
17 мартдан 22 мартгача: Самарқанд – Тошкент – ​​Самарқанд;
20 мартдан 21 мартгача: Тошкент – ​​Қарши – Тошкент;
19 мартдан 21 мартгача: Тошкент – ​​Урганч – Тошкент.
Бундан ташқари, йўловчи поездларида қуйидаги йўналишларда қўшимча вагонлар пайдо бўлади:
Тошкент – Термиз – Тошкент;
Тошкент – ​​Урганч – Тошкент;
Тошкент – ​​Қўнғирот – Тошкент;
Андижон – Хива – Андижон.
Ушбу йўналишларга чипталар нархи 204 минг сўмдан бошланади.