ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ўзбекистон Қирғизистон билан минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Қирғизистон президентининг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Абсаттор Сиргабаев билан учрашди.
Унда Жалолобод ва Наманган вилоятлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш "Йўл харитаси" ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар чоғида Қирғизистон томони вилоят, унинг иқтисодий салоҳияти ва ўзаро ҳамкорликдаги ўсиш нуқталари ҳақида маълумот берди.
Айтилишича, тегишли "Йўл харитаси" ижроси доирасида икки вилоят расмий идоралари, ишбилармон доира ҳамда илм-фан ва маданият соҳалари вакиллари ўртасида учрашув ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.
"Учрашув якунида жорий йил давомида икки вилоят тадбиркорлари ва сайёҳлик соҳаси вакиллари ўртасида бизнес-форум, B2B учрашувлар ва инфо-турлар ташкил этиш масалаларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди",— дейилади хабарда.
Қайд этилишича, йилда икки марта тадбиркорлар ўртасида икки томонлама бизнес-форум ўтказиб келинмоқда. Масалан ўтган йилда ўтказилган тадбирлар доирасида турли корхоналар ўртасида 10 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда – 2023 йилда Жалолобод вилоятига Ўзбекистондан 10 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди.