ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтмоқда.
Республиканинг барча ҳудудларида эълон қилинган “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари давом этмоқда.
“Навруз байрами арафасида ўтказилаётган ушбу ҳашарда Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков бошчилигида ҳокимлик ходимлари ҳам иштирок этиб, ҳудудларда олиб борилаётган ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар”, — деб ёзади пойтахт ҳокимлиги.
Хайрия ҳашарида Вазирлар Маҳкамасининг ходимлари ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди.
“Бугун, 17 март куни Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги 3 гектардан зиёдроқ майдонга қарийб икки мингга яқин эман, қайрағоч, терак, ўрик, бодом сингари мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди”, — дейилади Ҳукумат хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйлаб 16-18 март кунлари “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Қайд этилишича, ҳашар давомида барча ҳудудлардаги 9000 дан ортиқ маҳаллада 16 миллион тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилади.