ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар фуқароларининг Россия Федерациясида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида бўлиши муддати билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) сайтида маълум қилинди.
Йиғилишда ЕИК вакиллари, Иттифоқ давлатларининг ваколатли органлари, шунингдек, миграция ва ижтимоий ҳимоя бўйича экспертлар иштирок этди.
Комиссиянинг Меҳнат миграцияси ва ижтимоий ҳимоя департаменти директори ўринбосари Олег Артамонов Россияда “Профессионал даромад солиғи” махсус солиқ режимини ўрнатиш бўйича эксперимент давом этаётганини, унинг доирасида Иттифоқ мамлакатлари фуқаролари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкинлигини айтди.
“Россия Федерал Солиқ хизмати маълумотларига кўра, 2023 йилнинг тўққиз ойи давомида мамлакатда ЕОИИ давлатларидан 183 мингдан ортиқ ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатга олинган”, - деди ЕИК вакили.
Муҳокама натижасида ЕОИИ фуқаролари – профессионал даромад солиғи тўловчиларининг бўлиш муддатини узайтириш механизми масаласига умумий ёндашувни ишлаб чиқиш бўйича ишларни давом эттиришга қарор қилинди.