Наврўз байрами арафасида умумхалқ ҳашари ўтказилади

Ҳашар давомида 16 миллион тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Ўзбекистон бўйлаб 16-18 март кунлари “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳашар давомида барча ҳудудлардаги 9000 дан ортиқ маҳаллада 16 миллион тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилади.
Маҳаллалар, зиёратгоҳлар, хиёбонлар ва қабристонларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

“Ҳашар республикада Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш мақсадида ташкил этилади”, — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш тадбирларини давом эттириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳам мақсад қилинган.
Ўзбекистонда Наврўз байрами қандай нишонланади — президент қарори