Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИ қопламали материалларни ишлаб чиқариш учун эвкалипт целлюлозасига божни пасайтирди

Қабул қилинган қарор тайёр маҳсулот таннархини пасайтиради ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида асосий қоғоз ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналарнинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъати ярим оқартирилган ёки оқартирилган қаттиқ ёғоч целлюлозасининг айрим турлари учун импорт божхона тўлови ставкасини доимий асосда божхона қийматининг 2,5 фоизи миқдорида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар беради ЕИК матбуот хизмати.
Қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб 30 кун ўтгач кучга киради.
“Кўриб чиқилаётган божхона тарифларини тартибга солиш чораси пол қопламалари, мебель ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ёғоч-қиринди плиталари ва толали плиталар, шунингдек, ички безатиш учун материаллар ва бошқа товарлар учун астарли қоғоз ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган”, — дея тушунтирди ЕИКнинг божхона, тариф ва тарифдан ташқари тартибга солиш департаменти директори Ваагн Казарян.
Шунингдек, у эвкалипт целлюлозаси Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудудида ишлаб чиқарилмаслигини, шу билан бирга, бу материал одатда асосий қоғоз ишлаб чиқаришда қўлланилишини қўшимча қилди.
Товарларни ташқи иқтисодий фаолият товар таснифининг 4703 29 000 1 кичик позициясига таснифлаш фақат ваколатли орган импорт қилинадиган товарларнинг мўлжалланган мақсадини тасдиқлаган тақдирдагина мумкин.
“Қабул қилинган қарор целлюлоза-қоғоз саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшади, тайёр маҳсулот таннархини пасайтиради, ЕОИИ мамлакатларида асосий қоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилайди, кўрсатилган маҳсулотнинг ички ва ташқи бозордаги рақобатбардошлигини ошириш”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, ЕОИИнинг Ягона божхона тарифида ушбу маҳсулот учун божхона қийматининг 7,5 фоизи миқдорида импорт божхона тўлови ставкаси белгиланган.