Қишлоқ аёллари учун таълим ва ҳимоя: Нарбаеванинг БМТдаги ташаббуслари

Сессияда Марказий Осиё минтақаси ва Озарбайжон номидан Танзила Нарбаева сўзга чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Бирлашган Миллатлар ташкилоти (БМТ) Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессиясида қатор ташаббусларни илгари сурди, дея хабар берди Ўзбекистон юқори палатаси матбуот хизмати.
БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унинг ишида Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Бу йилги сессияда камбағалликни бартараф этиш, институтлар салоҳияти ва молиялаштиришни кучайтириш орқали гендер тенглигига эришиш ва барча хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, бу борада Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси тамойилларининг ҳаётга татбиқ этилиши масалалари муҳокама қилинмоқда.
Анжуманда аёлларнинг қашшоқлигини тугатиш ва гендер тенглигини оширишга ёрдам берадиган ҳаракатларни ишлаб чиқиш ва инвестицияларни жалб қилиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
“Ушбу нуфузли тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида БМТ Аёллар ташкилоти кейинги 5 йилда Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги кўплаб ижобий натижаларини эътиборга олиб, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси билан келишган холда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатларининг сессия бўйича маслаҳатлашувларини Тошкент шаҳрида ўтказган эди. Тадбир якунлари бўйича аёллар ва қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ягона позиция ишлаб чиқилди”, — дейилади хабарда.
Сессияда Марказий Осиё минтақаси ва Озарбайжон номидан Танзила Нарбаева сўзга чиқди.
“Сенат раиси бугунги кунда мамлакатлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани, қўшма сармоявий лойиҳалар амалга оширилаётгани, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаб, ҳамкорлик бўйича умумий ёндашувларни маълум қилди ва қатор ташаббусларни илгари сурди”, — дейилади хабарда.
Илгари сурилган ташаббуслар:
камбағалликни қисқартириш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш учун БМТнинг “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” доирасида глобал даражада аёллар ва қизларни ҳимоя қилиш бўйича самарали чоралар кўриш, ўқув дастурлари ва ўқитиш услубларига, шунингдек, STEM-таълимига, айниқса, қишлоқ жойларда гендер ёндашувини жорий этиш .
ҳудудларда БМТТД лойиҳалари доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса қишлоқ аёллари учун рақамли саводхонлик ва IT кўникмаларини ошириш дастурларини амалга оширишга кўмаклашувчи рақамли тафовутни бартараф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани тартибга солиш.
БМТ Аёллар ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб аёлларнинг 10,3 фоизи ўта қашшоқликда яшайди. 2030 йилга бориб Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун камбағалликка барҳам беришдаги муваффақият 26 баравар тезроқ бўлиши керак.