ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik.Сирдарё ўзанида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармонида назарда тутилган.
Президентнинг тегишли фармони билан “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига ўзгартириш ва қўшимча киритилди.
“2024 йил 1 майдан Сирдарё дарёси ўзанидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади, шунингдек, ноқонуний қазиб олиш ишлари натижасида табиатга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Сирдарё дарёсининг ювилган қирғоқларини мустаҳкамлаш, қирғоқ бўйи минтақасидаги бузилган ерларнинг табиий ҳолатини қайта тиклаш ва реабилитация қилиш чора-тадбирлари амалга оширилади.