Мирзиёев Сума Чакрабарти билан учрашди — нималар муҳокама этилди?

"Ўзбекистон 2030" стратегиясининг бориши ва уни жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг ижроси кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 6 март куни иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи Сума Чакрабарти билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
"Ўзбекистон 2030" стратегиясининг бориши ва уни жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг ижроси кўриб чиқилди. Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича музокаралар жараёни доирасидаги ишларни фаоллаштириш, жумладан, миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ташкилот талабларига уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ичимлик суви таъминоти, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, онкологик касалликларнинг олдини олиш, давлат хизматида сифатни ошириш ва рақобатни таъминлаш борасидаги лойиҳалар бўйича аниқ амалий чораларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, жумладан, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш масаласига эътибор қаратилди. Шу маънода, маслаҳатчи илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда тижорат низоларини ҳал қилишнинг аниқ механизмларини таклиф этди.