ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Ўзбекистонда Наврўз умумхалқ байрами “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида нишонланади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган тегишли қарорда назарда тутилган.
“2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланади.
Байрамни ташкил этишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:
Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайилларини ташкил этиш;
Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун дастурхонлар ташкил этиш ҳамда турли хайрия тадбирларини амалга ошириш;
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, Наврўз байрами арафасида республиканинг барча ҳудудларида, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Наврўз умумхалқ байрами Ўзбекистонда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида нишонланган.