ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Кеча, 1 март куни Хитой Халқ Республикасининг Қашғар шаҳрида Ўзбекистон – Хитой – Қирғизистон ҳукуматлари делегацияларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ҳукумат порталида хабар берилди.
Учрашувда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй иштирок этди.
Таъкидланишича, Хитой ва Қирғиз Республикаси Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорлари ҳисобланади.
Учрашувда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида қурилиши режалаштирилган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл линияси минтақани Хитой билан боғлайдиган энг қисқа муқобил йўл экани қайд этилди.
Состоялась встреча делегаций правительств Узбекистана – Китая – Кыргызстана
© Бекзод Хидоятов
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл линиясини қуриш ва ундан фойдаланиш учун қўшма корхона ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон томони Хитойдан Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудуди орқали мультимодал транспортни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
Шунингдек, “Иркештом” назорат-ўтказиш пункти фаолиятини янада такомиллаштириш, қулай шарт-шароитлар яратиш, ўтказиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тегишли чоралар кўришга келишиб олинди. Учрашувда томонлар жорий йилда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл линиясини қуриш юзасидан амалий ишларни бошлаш муҳимлигини қайд этди.
Уч томонлама музокаралардан сўнг, делегациялар раҳбарлари “Улуғчат” божхона терминали ва “Иркештом” назорат-ўтказиш пункти фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида “Қашғар иқтисодий ва технологик ривожланиш зонаси” фаолияти билан яқиндан танишилди, бир қатор етакчи компаниялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.