ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Жорий йилнинг 29 февраль-1 март кунлари Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Хитойнинг Қашғар шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби хабар берди.
Ташриф доирасида 1 март куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона ҳамда кўп қиррали шериклик муносабатлари юқори даражада ривожланиб бораётгани, бунда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпин ўртасидаги яқин, самимий ва биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Жорий йилнинг январь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Олий даражадаги учрашув икки томонлама муносабатларнинг янги даврини бошлаб берди. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Ўтган 2023 йилда Ўзбекистон-Хитой ўртасида савдо кўрсатгичлари рекорд даражага – қарийб 14 миллиард долларга етди. Яқин келажакда ушбу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш учун ҳали ишга солинмаган жуда кўп имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Учрашувда Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, замонавий технология, ускуналарни импорт қилиш ҳамда тўқимачилик, мис, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш, транспорт-логистика, энергетика, маданий-гуманитар ҳамкорликдаги лойиҳаларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.