ТОШКЕНТ, 29 фев — Sputnik. Ўзбекистонда бизнес-муҳит баҳолари яхшиланди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Қайд этилишича, январда компанияларнинг ишлаб чиқариш ва қурилиш бўйича кутилмалари ўсди. Шу билан бирга, бизнеснинг жорий ҳолати бўйича баҳолар (хизматлар йўналишидан ташқари) барча тармоқларда янада ижобий бўлди.
“Январда марказнинг умумий бизнес-муҳит кўрсаткичи декабрга солиштирганда 7 пунктга ошиб, 61га етди, бу эса ишбилармонлик фаоллигининг янада кенгайганидан далолат беради. Бизнес-муҳитнинг яхшиланишига саноат тармоғидаги бирданига 30 пунктга юқорилаган ижобий динамика сезиларли таъсир қилди. Ушбу ўсиш қурилишда 13 пунктга, қишлоқ хўжалигида эса 9 пунктга ошди”, — дейилади хабарда.
Бизнеснинг ҳозирги ҳолатини "яхши" деб белгилаган респондентларнинг улуши 41 фоизини ташкил этди. Шунингдек, 35 фоизи товарлар ва хизматларга талабнинг янада ошишини кутмоқда, 17 фоизи эса ходимлар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда.
“Бизнесни ривожлантириш истиқболлари бўйича кутилмаларнинг умумий кўрсаткичи яқин 3 ойда сўнгги икки йилдаги рекорд даража – 81 пунктга етди. Бу натижага саноатда оптимизмнинг 92 пунктга ва қурилишда 81 пунктгача сезиларли даражада яхшиланиши ҳисобига эришилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Сўров натижаларига кўра, корхоналарнинг 79 фоизи ўз бизнесининг умумий ҳолати яхшиланишини кутмоқда. Корхоналарнинг товар ва хизматларга бўлган талаб кутилмалари 74 фоизни ташкил этди. Иш берувчиларнинг деярли 72 фоизи ўз компанияларида ходимлар сонини кўпайтиришга тайёр.
Шунингдек, саноат секторида ишловчи тадбиркорлар электр ва газ таъминоти билан боғлиқ тўсиқлар, товарларнинг юқори нархлари ҳақида камроқ хабар беришган. Айни пайтда молия ва солиқ ставкалари билан боғлиқ муаммолар ҳақида эса кўпроқ маълум қила бошлашган.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўпроқ ташвишга солган. Айни вақтнинг ўзида ер участкаларини олиш имконияти, солиқ маъмурчилиги, хомашё нархининг юқорилиги ва уларнинг етарли эмаслиги ҳамда солиқ ставкаларининг баландлиги каби муаммоларни қайд этган тадбиркорлик субъектлари улуши камайди.
Шу билан бирга, қурилиш секторида молия маблағлари жалб қилиш ва ердан фойдаланиш имкониятлари яхшиланиши кузатилган бўлса, хизмат кўрсатиш соҳасида бундай муаммолар янада кўпайган.