ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Бугун Москвада “Заҳириддин Муҳаммад Бобур: шоҳ, шоир, олим, иқтидорли шахс” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференция Москва давлат лингвистик университети (МГЛУ) ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов Бобур нафақат моҳир ҳарбий раҳбар, балки салмоқли дипломат бўлганини ҳам таъкидлади. У ерларни бирлаштириб, давлат тузишга муваффақ бўлган.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ва МДҲ раиси ўринбосари Илҳом Неъматов
© Sputnik / Владимир Алексеев
Асадов буюк шоир ижоди ҳақида гапирар экан, Бобур шеъриятининг асосини муҳаббат мавзуси ташкил этганини ва у чинакам инсоний муҳаббатни энг олий қадрият сифатида куйлаганини таъкидлади.
"Бобур ижодида Ватан мавзуси алоҳида ўрин тутади. Унинг рубоийларида Ватанга бўлган соғинч ва чексиз меҳр-муҳаббат чуқур ифодаланган”, — деди элчи.
Асадов шоирнинг бир қанча рубоийларини ўқиб берди, шунингдек, МГЛУ раҳбарияти ва ўқитувчиларига ўзбек маданияти ва анъаналарини ёш авлодга етказишда қўшаётган ҳиссалари учун миннатдорлик билдирди.
“Ўзбек тилини ўрганаётган талабаларга Бобур ижодини чуқурроқ ўрганишни маслаҳат бераман. Шу тариқа улар ўзбек халқининг анъана ва урф-одатлари билан яқиндан танишишлари мумкин”, — деди элчи.
Анжуманда сўзга чиққан МДҲ раиси ўринбосари Илҳом Неъматов қўшни халқларнинг улуғ намоёндолари ҳаёти ва ижодини ўрганиш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
“Биз ҳар бир халқнинг улуғ зотларини ўрганиш орқали халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаймиз”, – дейди Неъматов.
Мисол тариқасида раис ўринбосари Ўзбекистонда буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ижодини ўрганишга қаратилаётган эътиборни келтирди. Хусусан, ҳар йили Айтматовга бағишланган анжуманлар ташкил этилаётганини ва яқинда ўзбек олими томонидан “Чингиз Айтматов феномени” номли китоб нашр этилганини айтиб ўтилди.
Москвада Бобурга бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
© Sputnik / Владимир Алексеев
Анжуманда италиялик олим ва сиёсатшунос Сандро Тетти ҳам онлайн иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, шу кунгача Европада Шарқ буюк арбоблари асарлари жуда кам нашр этилган. Тетти “Бобурнома”ни итальян тилига таржима қилган ва чоп этган биринчи олим эканини фахр билан қайд этди.
Конференцияда, шунингдек, МГЛУ ректори Ирина Краева, “Россия ва Ўзбекистон дўстлик ва ҳамкорлик жамияти” раиси Игор Кругових ҳамда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркия, Италия ва бошқа мамлакатлардан 30 дан ортиқ олим ва ўқитувчилар иштирок этди.
Тадбир сўнгида Москвада ўзбек тилини ўрганаётган талабалар ва аспирантлар Бобур рубойиларидан ўқиб беришди ҳамда мумтоз ўзбек мусиқалари янгради.