Мирзиёев 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди

Тадбирда Владимир Путин, Александр Лукашенко, Қасим-Жомарт Тоқаев, Садир Жапаров, Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозонда “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мультиспорт мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
“Қозон Экспо” халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтган тадбирда Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Иштирокчилар эътиборига “Келажак ўйинлари” дастурига кирган спорт турлари ҳақида видеолавҳа ва театрлаштирилган саҳна кўриниши тақдим этилди.
"Давлатимиз раҳбари иштирокчиларга омад тилаб, 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди", — дейилади хабарда.
Меҳмонларга виртуал макондаги беллашувлар ва анъанавий спортни ўзида мужассам этган “фижитал-спорт” концепцияси тўғрисида маълумот берилди.
1 / 5
2 / 5
3 / 5
4 / 5
5 / 5
Шавкат Мирзиёевнинг Қозон шаҳрига амалий ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди. Олий мартабали меҳмонни Татаристон раиси Рустам Минниханов кузатиб қўйди. Давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамиз, “Келажак ўйинлари” – беллашувлар бир вақтнинг ўзида спортнинг анъанавий турлари ва уларнинг рақамли муқобилларида ўтказиладиган юқори технологик мусобақадир. У жорий йилнинг 21 февраль кунидан 3 март кунига қадар давом этади.
Турнирда 100 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 300 та жамоа, шу жумладан, Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистонликлар фижитал-хоккей, виртуал велопойга, спорт дастурлаш каби йўналишларда куч синашади.
“Келажак ўйинлари”: очилиш маросими — трансляция якунланди