Шавкат Мирзиёев Қозонга боради

Ўзбекистон етакчиси “Келажак Ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Келажак Ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 21 февраль куни “Келажак Ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлади.

"Ташриф дастурида икки давлат раҳбарларининг учрашуви кўзда тутилган. Унда 2023 йил 5-7 октябрь кунлари Россияга расмий ташриф якунида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади", — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Россияда илк бор ташкил этилаётган ва 21 февраль – 3 март кунлари бўлиб ўтадиган “Келажак Ўйинлари” спортнинг анъанавий турлари, илмий ишланмалар ва рақамли технологияларни ўзида мужассам этган мусобақадир.
Ушбу йирик спорт тадбирида 107 та мамлакатдан 227 та жамоа, шу жумладан Ўзбекистон спортчилари иштирок этади.