Андижонда чиқиндидан электр ишлаб чиқарадиган лойиҳалар ишга туширилади

Келгусида Андижон тажрибаси мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Андижонда органик чиқиндидан ўғит ва электр ишлаб чиқарадиган лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишдаги ишлар ҳамда келгуси режаларга оид тақдимотда маълум қилинди.
Қайд этилишича, чиқинди полигонларини инвестициялар киритишга жозибадор қилиш учун уларнинг буфер ҳудудларига махсус иқтисодий зоналар режимини жорий этиш, чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ҳамда органик усулда ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича янги тизим йўлга қўйилади.
Ушбу янги тизим бўйича биринчи пилот лойиҳа Андижон вилоятида амалга оширилади.
“Жумладан, Андижон туманида 13 миллион доллар инвестиция эвазига органик чиқиндидан 100 минг тонна ўғит, Асакада чиқиндидан йилига 2 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарадиган лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Келгусида ушбу Андижон тажрибаси юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилади”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, мамлакатда йилига ўртача 6,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Сўнгги йилларда санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинган маҳаллалар сони 90 фоиздан ошди. Лекин чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси юқори эмас. Ҳозирда бундай корхоналар 313 та холос.
“2024 йил 1 июндан бошлаб маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни реализация қилиш фақат биржа орқали амалга оширилади. Чиқиндиларни "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган" ва "озиқ-овқат" тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади. Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида хусусий шериклик ривожлантирилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганлик учун жарима миқдорини ошириш, чиқинди ташлаб кетилган жойни тозалаш ва олиб чиқиб кетиш мажбуриятини белгилаш чоралари кучайтирилмоқда.