БАА Ўзбекистондаги IT корхоналарнинг ўсишига ёрдам беради — тафсилотлар

Дубай халқаро молия марказига аъзо компаниялар бизнес юритиш учун Ўзбекистонда ваколатхоналар очиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчилари ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишди, деб ёзмоқда “Дунё” АА.
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегацияси иштирокида Дубай халқаро молия марказида (DIFC) "Uzbekistan Outsourcing Conference" мавзусида учрашув ташкил этилди.
Унда икки давлат ўртасида IT-соҳани ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
“Рақамли технологиялар вазирлиги ва "Achar Apps ventures" компанияси ўртасида Ўзбекистонда АКТ соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича академия ва марказлар ташкил этиш, маҳаллий АКТ корхоналари иқтисодий ўсишига инвестициявий кўмаклашиш йўналишларида англашув меморандуми имзолади”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, "IT-Park Uzbekistan" директори Фарҳод Ибрагимов дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчи БАА корхоналарини 2024 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро тадбирларга таклиф қилди.
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирлигининг маълум қилишича, Дубай халқаро молия маркази бош директори (DIFC) Ариф Амири ва “DIFC” инновацион маркази директори Муҳаммад Алблуши билан учравшув бўлиб ўтди.
Унда “Enterprise Uzbekistan” халқаро рақамли технологиялар марказини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.

“Enterprise Uzbekistan" маркази технологик компаниялар учун ноёб муҳитни, жумладан, инновацион лойиҳалар учун “тартибга солиш қумдони”, интеллектуал мулк, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, кенг қамровли давлат ва банк хизматларини таклиф этиши мумкин. Марказ меҳнат, божхона ва солиқ қонунчилиги масалаларида, шунингдек, тижорат ва фуқаролик низоларини ҳал қилишда муҳим ёрдам кўрсатиб, рақамли технологиялар ва аутсорсингни ривожлантириш учун қулай муҳит яратади”, — дейилади хабарда.

Учрашув якунида "IT-Парк" ва “DIFC” ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Тажриба алмашиш, шунингдек, “DIFC”га аъзо компанияларни республика орқали глобал бизнес юритиш учун Ўзбекистонда ваколатхоналар очишга таклиф қилиш режалаштирилган.
Маълумот учун, “DIFC” Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиё (MEASA) минтақасидаги етакчи глобал молиявий марказ ҳисобланади. Ташкилот MEASA минтақасида савдо ва инвестиция оқимини ривожлантириш бўйича қарийб 20 йиллик тажрибага эга.