ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Жиззах ва Ростов вилоятлари ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйилади. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистон Бош консуллиги дипломатлари Россиянинг Ростов вилояти иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Елена Федотова билан учрашди. Унда Ўзбекистон томони мамлакат вилоятлари хорижий давлатлар, жумладан, Россия ҳудудлари билан манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади.
"Жиззах ва Ростов вилоятлари ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Ушбу ташаббус Россия томонидан қўллаб-қувватланди, шунингдек, икки мамлакат вилоятлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини маълум қилинди", — дейилади хабарда.
Томонлар Жиззах ва Ростов вилоятлари инвестициявий салоҳиятлари, ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашишди.
Қайд этилишича, Жиззах ва Ростов вилоятлари тадбиркорлари иштирокида онлайн мулоқотларни ташкил этиш бўйича келишиб олинди.