Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари қутқариб қолинди

Ўзбекистон элчихонаси фуқаролардан мураккаб об-ҳаво шароитида узоқ йўлга чиқмасликни сўрамоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Қозоғистоннинг Оқмўла вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари 2024 йил 15 февраль куни Оқмўла вилояти, Жақси тумани, Жақси қишлоғи яқинида автомобиль йўлида оғир аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатди.
Остона-Челябинск йўналишида ҳаракатланаётган техник носоз автобусдан жами 64 киши эвакуация қилинди. Улар яқин қишлоқдаги мактабдаги иситиш марказига жойлаштирилди, иссиқ овқат билан таъминланди, тиббий ёрдам керак бўлмади.
Қутқарилганлар орасида 27 нафар Ўзбекистон фуқаролари бор, жумладан, 12 нафар бола ҳам.
Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари қутқариб қолинди
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ушбу вазиятни назорат остига олган. Элчихона Оқмўла вилояти ҳокимлиги, полиция ва ФВ бошқармаси билан алоқада.
Об-ҳаво шароитининг ёмонлашуви муносабати билан Қозоғистоннинг 11 вилоятида республика аҳамиятига молик йўлларнинг 46 та йўл участкасида транспорт ҳаракатига чеклови киритилган. Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг -33...-35 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Ушбу муносабат билан элчихона Ўзбекистон фуқароларидан мураккаб об-ҳаво шароитида узоқ саёҳатга чиқмасликни сўраб қолган.