ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Кеча, 15 февраль куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Қатарнинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Афғонистон бўйича Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигининг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар. Бу йўналишда мунтазам мулоқотни давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик таъкидланди.
Суҳбат чоғида жорий йилнинг февраль ойида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида БМТ бош котиби Антонио Гутерриш раислигида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича махсус вакилларнинг учрашувига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу тадбир жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича самарали ечимларни таклиф этиш ва ҳаракатларини мувофиқлаштириш, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.