ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Яқинда Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путиндан интервью олган америкалик журналист Такер Карлсон Москвадаги “Киевская” метро бекати ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди. Карлсоннинг айтишича, у кўрган нарсасидан ҳайратда қолган ва АҚШ расмийлари учун ноқулай бўлган саволни берди.
Карлсон Москва метросига чиқиш истагини "муайян жамиятни тушунишнинг усулларидан бири унинг инфратузилмасига қарашдир" деб тушунтирди. У бундан 70 йил аввал қурилган бекат ҳолатидан ҳайратда эканлигини яширмайди. Америкалик журналист унинг тозалиги ва тартиблилигини қадрлаб, граффити, ифлос, уйсизлар, гиёҳвандлар, зўрловчилар ёки релсга суриб қўйиш мумкин бўлган одамларни кўрмаганини, ҳеч қандай ёқимсиз ҳидни пайқамаганини таъкидлади.
“Қандай қилиб бизга ядро қуролига эга бўлган ёқилғи қуйиш шохобчаси дея таърифланган Россияда, бизнинг мамлакатимиздаги ҳамма нарсадан ёқимлироқ метро бекати бор?”, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путиннинг Такер Карлсон билан суҳбати 9 февралга ўтар кечаси эълон қилинган эди. Томонлар икки соатлик суҳбатнинг асосий қисмини Украина можароси ва Россиянинг АҚШ, НАТО ва Ғарб билан муносабатларига бағишлади. Америкалик журналист ўз сайтида Путин билан бўлган интервьюни эълон қилди, сўнг уни Х ижтимоий тармоғи ва на “YouTube”га жойлаштирди. Х ижтимоий тармоғида эълон қилинганидан бери Россия раҳбари билан интервью аллақачон 200 миллиондан ортиқ кўрилди. “YouTube”даги видеони кўрганлар сони эса 16,5 миллиондан ошди.