Аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилади — Адлия вазирлиги

2024 йилда янги хизматларнинг сонини 400 тага етказиш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Республикадаги Давлат хизматлари марказлари орқали янги хизматларни кўрсатиш сони 400 тага етказилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2023 йилда Давлат хизматлари марказлари орқали 77 турдаги янги хизматларни кўрсатиш жорий этилди. Ҳозирда уларнинг сони жами 335 тага тенг.
2024 йилда уларнинг сонини 400 тага етказиш режалаштирилган.
“Мазкур хизматларнинг 55 таси бепул асосида кўрсатилади. Бундан ташқари ижимоий ҳимоя реестрига киритилган, I ва II гурух ногиронлиги бўлган шахсларга 50 фоиз чегирма белгиланган. Марказларда 2023 йилда жами 13 млн 200 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ташкил топгандан то ҳозирги кунгача эса 60 млнга яқин хизматлар кўрсатилган”, — деди Адлия вазирлиги Департамент бошлиғи Санжар Абдуллаев.
Шундан кўрсатилган хизматларнинг 9,3 млндан ортиғи (70,8 %) марказларнинг ўзида, 3,8 млндан ортиғи (29,2 %) онлайн тарзда кўрсатилган.
Энг кўп кўрсатиладиган 29 та хизмат “3 қадам” тамойили асосида соддалаштирилди. Сўраладиган маълумотлар 225 тадан 99 тага, ариза юбориш учун сарфланадиган вақт 76 дақиқадан 22 дақиқага қисқартирилди.

“2024 йилда барча хизматларни “3 қадам” тамойили асосида соддалаштириш режалаштирилган”, — дея қўшимча қилди Абдуллаев.

Бундан ташқари, 48 та давлат хизматларини кўрсатиш жараёнлари соддалаштирилди. 2024 йилда яна 100 та давлат хизматини кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, 2 турдаги проактив ва 11 турдаги композит хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Ҳозирда жами 4 та проактив ва 31 та композит хизматлар мавжуд.
“Проактив хизматларга мисол келтирадиган бўлсак, 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларга нафақа пулини тайинлаш бўйича ариза берилмаган бўлса ҳам бу функция давлат томонидан амалга оширилади”, — дея тушунтирди Абдуллаев.
Анжуманда, шунингдек, марказларда тоифаларга ажратиб кўрсатилаётган хизматлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, 2023 йилда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларида хизматларни “осон”, “ўрта” ва “мураккаб” тоифаларга ажратган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилди. 2024 йилда 40 та марказларда ихтисослаштириш жорий этилади.
Қайд этилишича, марказларда ўртача хизмат кўрсатиш вақти 1 дақиқадан 10 дақиқагача, ўртача кутиш вақти эса 20 дақиқани ташкил этди.

“Хизматлар кўрсатишни “осон”, “ўрта” ва “мураккаб” тоифаларга ажратиш тартиби фуқароларинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб ташкил этилди. Масалан, “осон” хизматлар 5-6 дақиқагача вақт олади, “ўрта” хизматлар 15 дақиқагача, “мураккаб” тоифадаги хизматлар эса 15 дақиқадан юқори вақт талаб этади”, — деди Адлия вазирлиги вакили.

Унинг сўзларига кўра, тоифаларга бўлиш натижасида хизмат кўрсатиш ҳажми ошди. Фуқароларнинг ҳам вақти тежалмоқда.
“Республикада биринчи марта Тошкент шаҳри Чилонзор туманида навбатсиз хизмат маскани ташкил қилинди. Бундан ташқари 46 та марказларимизда бепул вай фай зоналар ташкил этилган. Босқичма-босқич барча марказларда шундай зоналарни ташкил этиш режалаштирилган”, — дея қўшимча қилди у.
Республика бўйлаб “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси бўлиб ўтмоқда.

“Ҳуқуқий акция доирасида дастлабки 20 кун давомида 19 872 нафар шахс тегишли ҳужжатларга эга эмаслиги ҳолатлари аниқланди. Улардан, 16144 нафар шахсга тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди/ Хусусан, 609 нафарининг туғилиши қайд этилиб гувоҳнома берилган бўлса, 2 665 нафарига туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома расмийлаштирилди”, — дея қайд этди Абдуллаев.

Таъкидланишича, 1 232 нафар қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келаётган фуқаронинг никоҳи қонуний равишда қайд этиб берилди.
Ҳуқуқий акция 20 мартига қадар давом этади.