ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Москва ва Тошкент Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширишни муҳокама қилмоқда, деди Россия элчиси Олег Мальгинов.
“Газ келди, бу Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётини барқарорлаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ҳозир келажакда оширилган миқдорда газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартнома тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда", - деди у "Россия 24" телеканалида.
Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик нафақат газ соҳаси, балки металлургия, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалигини ҳам қамраб олади. Икки давлат ўртасида товар айирбошлаш 9,8 миллиард долларга етган.
"Газпром" раҳбари Алексей Миллер декабрь ойида компания Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан 2024 йил ўрталарида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида 15 йиллик ўрта муддатли шартномалар тузишини режалаштираётганини айтган эди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида "Газпром" куз-қиш даврида республикада ёқилғи тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлади. Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг аниқлик киритишича, газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга тузилган, харид ҳажми кунига 9 миллион куб метрни ташкил этади - йилига тахминан 2,8 миллиард кубометр.