ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. “Россия Сегодня” медиа гуруҳи бош директори Дмитрий Киселёв Россия президенти Владимир Путиннинг америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюси журналистика ва сиёсат тарихида қолишини айтди.
Карлсон Москва вақти билан жума куни кечқурун ўз веб-сайтида Путин билан суҳбатни эълон қилди, сўнг уни Х ижтимоий тармоғи ва Youtubeда жойлаштирди. Тахминан 11 соат ичида интервьюни кўришлар сони Твиттерда 90 миллиондан, Youtubeда эса 3,8 миллиондан ошди. Интервью Кремль сайтида ҳам чоп этилган.
“Албатта, бу интервью тарихий ҳодиса, албатта у журналистика ва сиёсат тарихида қолади”, - деди Киселёв.
Ушбу интервьюни Киселёв "фуқаролик жасорати" деб атади, чунки Америка ва Ғарб жамиятида айни дамда журналист Такер Карлсонга нисбатан қўзғатилаётган нафрат даражасини баҳолаб бўлмайди.
“Интервью олдидан қилинган чақириқларга қараганда, ЕИ журналистга қарши санкциялар ҳақида гапира бошлади, АҚШда эса уни “фойдали аҳмоқ” деб аташди (Хиллари Клинтон), Карлсоннинг ушбу жасоратли ҳаракатини кечиришмайди. Кўрамиз, Ғарбнинг жавоби қандай бўлади. Умид қиламанки, унда қарғишлардан бошқа нарса ҳам бўлади”, — дея қўшимча қилди Киселёв.
“Россия Сегодня” медиа-гуруҳи бош директори Карлсон ҳеч нарсага қарамай ўз ишини профессионал даражада бажарганини ва АҚШ манфаатларидан келиб чиқиб иш тутиши билан ўзини ҳақиқий америкалик эканлигини исботлаганини таъкидлади.
"У америкаликларга АҚШ расмийларининг америкалик солиқ тўловчиларнинг пулларини Россия билан урушга сарфлаш ҳақидаги қарорлари аҳмоқлигини тушунарли тарзда кўрсатишга ҳаракат қилди. Путин интервьюда айтганидек, америкаликлар прагматик одамлар", - деди Киселёв.
Унинг таъкидлашича, журналист, гарчи бу унинг учун осон бўлмаса-да, Россия президентининг фикрларини диққат билан кузатиб борган. Одатда "америка телекўрсатувларида соддалаштирилган иборалардан фойдаланилади, аммо Путиннинг нутқи Америка цирки учун жуда мураккаб эди".
Киселёвнинг таъкидлашича, Карлсон Путин таклиф қилган суҳбат услубини ҳурмат билан қабул қилган ва ўзини жуда хотиржам ва профессионал тутган. Чунки журналистнинг мақсади ўзини кўрсатиш эмас, балки суҳбатдошни тўғри кўрсатишдир. Путин бундай суҳбат Америка аудиторияси учун ортиқча юк бўлишини билар эди, лекин президент улар даражасига тушмади, аксинча, у суҳбатни янада мураккаброқ даражага кўтарди.
"Карлсон хушмуомала эди, бу жуда яхши, ҳаммаси ортиқча шов-шувсиз ўтди. Бу эса журналист ва Путин ўртасида ўзаро тушуниш шаклланганини англатади. Бунга уларнинг иккаласи ҳам ҳисса қўшишди", - деди Киселёв.
“Президент ҳар доимгидек, бошқа интервьюларда, матбуот анжуманлари, мақолалар ва дунё етакчилари билан суҳбатларда ўз тушунчасини, Россия позициясини тушунтиришга ҳаракат қилди. Лекин бу сафар у ўз нутқини соддалаштиришга, енгиллаштиришга уринмади. Чунки унинг сўзлари аслида сиёсатчиларга эмас Америка ва Европалик интеллектуалларга қаратилган. Байден, Шольц ва Макронлар буни англашга қодир эмас.