Такер Карлсон нима сабабдан Путиндан интервью олаётганини тушунтириб берди

Илон Маск Х ижтимоий тармоғида интервьюни блокламасликка ваъда берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Америкалик журналист Такер Карлсоннинг Россия президенти Владимир Путин билан интервьюси ҳақида эълон қилган видеомурожаати Х ижтимоий тармоғида тўққиз соат ичида 50 миллиондан ортиқ кўрилди, дея хабар берди РИА Новости.
Такер Карлсон нима сабабдан Путиндан интервью олаётганини қуйидагича тушунтириб берди.
Икки йилдан буён Украинада уруш кетмоқда, юз минглаб ёш украиналиклар қурбон бўлмоқда. Бу ҳақиқий инсоний фалокатдир ва бу ишлар америкаликлар маблағлари эвазига амалга оширилмоқда.
Узоқ муддатда эса, бу уруш дунёда ҳарбий ва иқтисодий мувозанатни ўзгартирмоқда. АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан кейин эришган, устуворликлардан маҳрум бўлмоқда.
Америкаликлар бундан бехабар. Чунки асосий ОАВларнинг барчаси назорат остида, улар муҳим ўзгаришлар ҳақида шунчаки жимлик сақлашмоқда.
Ўтган давр мобайнида Украина амалдорлари ва Зеленский билан ўнлаб интервьюлар бўлиб ўтди, лекин ҳеч ким, урушнинг иккинчи томони бўлган Владимир Путин билан суҳбат қилмади.
Аксарият америкаликлар Путин нима сабабдан уруш бошлаганини ёки унинг мақсадларини билмайди. Улар ҳеч қачон унинг овозини эшитмаган. Бу нотўғри.
Америкаликлар, ўзлари аралашиб қолган уруш ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлишлари керак. Ва биз уларга бу ҳақида айтиб беришга ҳақлимиз, чунки бу бизнинг вазифамиз.
Сўз эркинлиги - бизнинг туғма ҳуқуқимиздир. Биз ўз фикримизни эркин айтиш ҳуқуқи билан туғилганмиз ва бу ҳуқуқни ҳеч ким биздан тортиб ола олмайди, Оқ уйда ким ўтирган бўлишидан қатъий назар.
Бу сафар ҳам улар бизга халал беришга уринишди, лекин биз барибир бу ерга етиб келдик. Биз бу ерга Путинни яхши кўрганимиз учун эмас, Американи яхши кўрганимиз учун келдик.
Мен сизни Владимир Путиннинг гапларига ишонишга даъват қилмоқчи эмасман. Шунчаки интервьюни тўлиқ томоша қилинг, тўлиқ маълумотга эга бўлинг ва кейин ўзингиз эркин фуқаро сифатида қарор қабул қилинг.
Карлсоннинг сўзларига кўра, америкалик тадбиркор Илон Маск Х ижтимоий тармоғида эълон қилинганидан кейин интервьюни блокламасликка ваъда берган. Бундан ташқари, видео журналистнинг веб-сайтида пайдо бўлади ва уни бемалол кўриш мумкин. Карлсон уни таҳрир қилмасдан жойлаштиришга ваъда берди.
Журналист, шунингдек, Владимир Зеленскийдан интервью олмоқчи эканлигини айтди. У Украина президенти рози бўлишига умид билдирди.
Шунингдек, Илон Маск Такер Карлсонга таҳдид қилганларни ҳибсга олишга чақирди. У Х ижтимоий тармоғида консерватив блогер Ян Чонгнинг Россияга ташрифи муносабати билан Америка сиёсий элитасидан келиб чиққан журналист учун эҳтимолий хавф ҳақида айтган сўзларини шундай изоҳлади.
Чонгнинг сўзларига кўра, кўп сонли америкалик сиёсатчилар ва ОАВ вакиллари аллақачон Карлсоннинг тутган позицияси туфайли уни ҳибсга олишга чақиришган.

"Уни ҳибсга олишга чақирганларни ҳибсга олинг", — деди Илон Маск.

АҚШнинг энг таниқли журналисти Путиндан интервью олиш учун Россияга келди