ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Тошкентда Туркий инвестиция фондига аъзо мамлакатлар Бошқарув кенгашининг бўлажак таъсис йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Туркий инвестиция фонди директори Багдод Амраев минтақавий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқишди.
“Иштирокчи-давлатлар ўртасида савдони ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун бу борада очилаётган инвестиция имкониятлари, шунингдек, бўлажак Бошқарув Кенгаши – Жамғарма аъзоси Бошқарувчилар кенгашининг таъсис йиғилишини ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар кўриб чиқилди”, — дейилади хабарда.
Томонлар фондни ташкил этиш тўғрисидаги битимни тасдиқлаш бўйича давлат ички тартиб-қоидаларининг муваффақиятли якунланганини, шунингдек, бу борада савдони ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун очилаётган инвестиция имкониятларини олқишлашди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг (ТДТ) навбатдан ташқари саммитида Туркий инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолаган эди.
Унинг устав капитали 500 миллион долларни ташкил этади. Жамғарма маблағлари ТДТ мамлакатларида савдо, қўшма лойиҳалар, яшил иқтисодиёт, ахборот технологиялари, транспорт, логистика ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилади.
Халқаро молия ташкилоти мақомига эга Туркий сармоя фондининг бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган бўлиб, 20 йил давомида фаолият юритади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади.
Маълумот учун, Туркий давлатлар ташкилоти 2021 йил ноябрь ойида 2009 йилда тузилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) номининг ўзгартирилиши натижасида пайдо бўлган. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи сифатида иштирок этади.