ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти чегараларни ҳимоя қилиш ўрнига оёқ остига “қизил гилам тўшамоқда”. Бундай фикрни тадбиркор Илон Маск билдирди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Маск аввалроқ ҳам Байден маъмуриятини “ноқонуний миграцияни фаол қўллаб-қувватлаётгани” учун танқид қилган эди. Тадбиркорнинг ҳозирги изоҳи Сенатнинг Украинага ёрдам бериш ва Америка чегарасини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинганидан кейин ёзилди.
“Бу маъмурият ва кўплаб штатлар чегараларни қўриқлаш ўрнига қизил гилам тўшамоқда (ноқонуний мигрантлар учун – таҳр.)”, — деб ёзди Маск ижтимоий тармоқда.
Душанба куни АҚШ Сенати чегара хавфсизлиги, Украина ва Исроилга ёрдам учун пул ажратишни бирлаштирадиган қонун лойиҳасини тақдим этди. Умуман олганда, қонун лойиҳаси бўйича 118,28 миллиард доллар ажратиш таклиф қилинади, шундан 60,06 млрд доллари Киевни қўллаб-қувватлаш учун. Чегара хавфсизлигини таъминлаш учун эса 3 баравар кам – 20,2 миллиард доллар сарфлаш режалаштирилмоқда. Президент Жо Байден қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини билдирди ва Конгрессни уни имкон қадар тезроқ қабул қилишга даъват қилди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси республикачи сиёсатчиларнинг қаттиқ танқидига учради. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп фикрига кўра, АҚШ Сенати томонидан тақдим этилган "даҳшатли" қонун лойиҳаси учун фақат аҳмоқ ёки радикал демократ овоз беради.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсоннинг сўзларига кўра, Киев, Исроилга ёрдам кўрсатиш ва АҚШнинг ўз чегараларини ҳимоя қилишни ўзида мужассам этган қонун лойиҳаси "кутилганидан ҳам ёмонроқ" ва ташаббус муваффақиятсизликка учрайди.
Аввалроқ Россия Украинага қурол етказиб бериш юзасидан НАТО давлатларига нота юборган эди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини таъкидлаган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги НАТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнашмоқда” деган. Кремлнинг таъкидлашича, Украинани Ғарб қуроллари билан тўлдириш Россия-Украина музокараларининг муваффақиятига ҳисса қўшмайди ва салбий таъсир кўрсатади. Лавров, шунингдек, АҚШ ва НАТО Украинадаги можарода бевосита иштирок этаётганини, жумладан, нафақат қурол-яроғ етказиб бериш, балки Буюк Британия, Германия, Италия ва бошқа мамлакатларда кадрлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланаётганини таъкидлади.