Барқарорлик рейтинги: тадбиркорларни қандай имтиёзлар кутмоқда?

Тошкентда бир қатор бошқармаларнинг ваколатли вакиллари томонидан Ўзбекистон президентининг шу йил 1 февралидан кучга кирадиган қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Ўқув-семинарида мамлакатдаги 300 нафарга яқин тадбиркорлар, кичик, ўрта ва йирик бизнес вакиллари иштирок этишди. Уларга бизнеснинг барқарорлик рейтинги тўғрисидаги янги қарорнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди,дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон.
Бугундан “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор кучга кирди. Тадбиркорлар иштирокида ўтган учрашувда мазкур қарорнинг ҳар бир масаласига Савдо-саноат палатаси, Солиқ қўмитаси, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат кенгашининг биринчи раҳбарлари ва бошқа бир қатор масъул бошқарма ҳамда ташкилотлар томонидан аниқлик киритилди.
Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий қилинади
Ҳужжатда баҳолаш рейтингининг барча мезонларига жавоб берадиган тадбиркорларга субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар бериш назарда тутилган. Хусусан, янги иш ўринлари яратиш, солиқларни ўз вақтида тўлаш ва ҳисобот бериш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳсулот экспорти кабилар муҳим ўрин тутади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, энг муҳими автоматик назорат. У шаффофликни таъминлайди, солиқ юки бўлмайди, қолаверса, фаолият рейтингига ижобий таъсир кўрсатади.
Автоматлаштирилган ахборот тизими тегишли алгоритмлар орқали баҳолаш натижасини тадбиркорларнинг шахсий кабинетида акс эттиради.
Рейтинг солиқ, адлия ва суд органларининг рентабеллик, тўлов интизоми, аҳоли бандлигини таъминлашдаги иштироки, фаолият муддати, иш ҳақи, кредит тарихи, ҳисоб-фактуралар ва тегишли ҳисоботларни электрон шаклда расмийлаштириш каби маълумотлар асосида шакллантирилади.
Барқарорлик рейтинги "юқори" бўлганлар учун маълум имтиёзлар, субсидиялар ва преференциялар тақдим этилади. Масалан, барча солиқ текширувларидан озод қилиш, ҚҚС 24 соат ичида, бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўловлар эса уч кун ичида қайтарилади. Шу билан бирга, рағбатлантириш чоралари устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва юридик шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Тадбиркорлар билан учрашувда энг кўп бериладиган саволлар баҳолаш мезонлари билан боғлиқ бўлди: баҳолаш схемаси қандай, тадбиркорлик фаолияти таснифланадими, тизим экспортчилар ва импортчилар учун қандай ишлайди, баҳолашнинг камайиши ёки ошишига нима таъсир кўрсатади ва ҳоказо.
“Бу ерда 10 та асосий мезон мавжуд. Агар уларнинг ҳар бири бўйича10 балл тўпласангиз, жами 100 баллга эга бўласиз (таҳр. эслатма: максимал балл миқдори). Бундан ташқари, яна тўртта мезон бўйича Жамоат Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ва бошқа идоралар томонидан қўшимча балл берилади. Фақат улардан фойдаланиб, тахминан 35 балл олишингиз мумкин. Шу йўл билан бошқа мезонларда йўқотган балларнинг ўрнини тўлдиришингиз мумкин”, — деб тушунтирди Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамоат кенгаши аъзоси, "Chust Textile" корхонаси таъсисчиси Жамшид Исматуллаев.
Мутахассис, шунингдек, агар корхонада "темир" дафтарга (маҳалла органлари томонидан ишсизлар, кам таъминланган ёки муҳтожлар орасидан тузиладиган рўйхатлар) киритилган ходимлар бўлса, автоматик равишда 10 балл қўйилишини қўшимча қилди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, агар ходимлар сонининг кўпайиши кузатилса ва уларнинг иш ҳақи энг кам иш ҳақидан юқори бўлса, бу ҳам қўшимча балл олиш учун асос бўлади.
Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевнинг таъкидлашича, Маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация кодини (МХИК) борлиги ҳам тадбиркорлик субъекти фаолияти барқарорлигини баҳолашда ижобий омил бўлиши мумкин.
Хорижий инвесторлар ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилишдан олдин корхона фаолиятини рейтинг асосида баҳолашлари, шунингдек, Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ёрдамида “ишонч индекси”ни текшириш имкониятига эга бўлишади.
У орқали сиз компаниянинг солиқ ёки бошқа тўловларни тўламаганлиги ёки солиқ тўловчининг бошқа қонунбузарликлари учун судланганлиги ёки йўқлигини билиб олиш мумкин.
Маълум қилинишича, қарордан келиб чиқадиган барча масалаларга батафсил ойдинлик киритиш бўйича кўплаб савол, мурожаат ва сўровларни инобатга олиб, масъул тузилмалар тушунтириш ишларини олиб боришни режалаштиришмоқда.
Хусусан, яқин вақт ичида рейтинг кўрсаткичлари мезонлари бўйича услубий қўлланмалар, босқичма-босқич тушунтиришлар ва тегишли кўрсатмалар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.
"Бугун бу ерда айтилган масалалардан келиб чиқиб, ҳар бир вилоят марказида 20-25 кишидан иборат махсус штаблар ташкил этиш, долзарб масалаларни ҳудудий тадбиркорлик вакилларига тезкорлик билан тушунтиришни режалаштирганмиз. Тошкент шаҳрида штаблар сони 50 га яқин бўлади. Ишчи гуруҳлар таркибида соҳага жалб қилинган барча мутахассислар билан биргаликда барча даражадаги тадбиркорларга инновациянинг барча нозик жиҳатларини тушунтирамиз”, — дея қўшимча қилди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.
Маълумот учун, Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:
“ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
"ВВВ”, “ВВ” ва “В” тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
“ССС”, “СС” ва “С” тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги
“D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида тадбиркорларга янада қулайликлар яратилиши маълум қилинганди. Бу мақсадлар учун 83 триллион сўм ва 275 миллион доллар кредит ҳамда субсидиялар йўналтирилиши кўзда тутилган.