“Ўзбекнефтгаз” геология-қидирув соҳасига “Татнефть” мутахассисларини жалб қилди

“Татнефть” ОАЖ мутахассислари билан ҳамкорликда геология-қидирув ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган стратегия ишлаб чиқилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Татаристоннинг “Татнефть” ОАЖ билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида геология ва геофизика соҳасидаги фаолиятни янада ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати хабар берди.
24 январь куни геология-қидирув ишларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида “Татнефть” ОАЖ бош директори ўринбосари - бош геологи Ринат Афлятунов бошчилигидаги геологлар ва мутахассислардан иборат делегация “Ўзбекнефтгаз” АЖда бўлишди.
Томонлар ўзаро нефть ва газ конлари геологияси, қидирув, геологик ва геофизик тадқиқотлар усуллари, шунингдек тегишли вазирлик ва идоралар билан ишларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, меҳмонлар билан биргаликда геологлар гуруҳи даражасини кучайтириш, самарадорликнинг асосий кўрсаткичларини аниқлаш ва замонавий мотивация усулларини жорий этиш, ваколатлар даражасини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Ташриф давомида, шунингдек, “Татнефть” ОАЖ делегацияси “Ўзбекгеофизика” АЖ ва “Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти” давлат корхонасида 2D ва 3D техникасидан фойдаланган ҳолда сейсмик тадқиқотлар ўтказиш, қайта ишлаш ва талқин қилиш соҳасидаги фаолият ҳамда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан танишади.
Шу билан бирга, “Татнефть” ОАЖ мутахассисларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ Моделлаштириш маркази ҳамда Бурғилашни бошқариш марказида қўлланиладиган рақамли ечимлар тақдим этилади.
Тадқиқот натижаларига кўра, “Татнефть” ОАЖ мутахассислари билан ҳамкорликда геология-қидирув ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган стратегия ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилда мамлакат Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига хорижий, жумладан, Россия компанияларини жалб қилган ҳолда республикадаги нефть ва газ конларини қидириш ва ўзлаштириш ишларини фаоллаштириш вазифасини қўйган.
Ўзбекистонда “Татнефть” ёқилғи қуйиш шохобчалари кўпайиши кутилмоқда