ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Озарбайжонда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари” доирасида икки давлат кинематографлари келиб чиқиши Озарбайжондан бўлган ўзбек шоири ва драматурги Мақсуд Шайхзода ҳақида фильм суратга олишга келишиб олдилар.
"Ўзбекистон ва Озарбайжон Кинематография агентликлари ўзбек халқининг севимли шоири, ёзувчи, драматурги, забардаст олими Мақсуд Шайхзода ҳақида фильм яратиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди", - дейилади Ўзбекистон Кинематография агентлиги хабарида.
Меморандум Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ва Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги кинематография агентлиги директори Ўрхан Фикрет ўғли томонидан имзоланди.
“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилда мамлакатимиз тарихий шахслари ҳаёти ва ижодига бағишланган 50 та лойиҳадан иборат "Тирик тарих" туркуми остида фильмлар яратиш ташаббусини илгари сурди. 7 йилга мўлжалланган дастур лойиҳасига киритилган фильмлардан бири “Мақсуд Шайхзода” қўшма кинолойиҳасидир.
Ишонамизки, ушбу киномаҳсулотлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари қалбидан жой олади ва халқларимиз ўртасидаги умумий маданий алоқалаирни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади”, - деди Фирдавс Абдухолиқов.
“Ўзбек киносидаги янгиликлар, ислоҳотлар бизни ҳам жуда хурсанд қилмоқда ҳамда айнан ўзбек ўзбек миллий фильмларига бўлган қизиқишимиз ортмоқда. Албатта, миллий кинематографиянгиздаги бундай ижобий ислоҳотлар президентингизнинг эътибори ва кўмаги туфайли. Ўзбекистон киноижодкорлари билан ҳамкорликда ушбу фильмдан ташқари яна бошқа мавзуларда ҳам қўшма лойиҳалар ишлаш режамизда бор”, – деб таъкидлади Ўрхан Фикрет ўғли.