Хитойдан Ўзбекистонга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 млрд доллардан ошди

Ўтган йилда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян билан учрашувида маълум қилинди.
Учрашувда кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
ХХР ҳукумати раҳбари икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Хитой муносабатлари барча соҳа ва йўналишларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини қайд этди.
Ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди.
Ўзбекистон президенти Хитой Давлат кенгаши Бош вазири билан учрашув ўтказди.
“Бу кўрсаткични, шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди”, — дейилади хабарда.
Инфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансферини кенгайтириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Хитой компанияларининг Ўзбекистондагихусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар шунингдек, авиақатновлар ва сайёҳлик алмашинувини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлашди.
Якунда Шавкат Мирзиёев ХХР Давлат кенгаши бош вазирини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Ташриф дастурига мувофиқ бугун Ўзбекистон етакчиси ХХР раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ҳамда Хитойнинг расмий шахслари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.