ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офисини ташкил қилиш кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офисини ташкил қилиш таклиф этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Лойиҳа офиси қуйидаги йўналишларга масъул этиб белгиланади:
давлат тиббий суғуртаси тизимини ҳамда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш;
тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини кучайтириш;
кадрлар салоҳиятини ошириш;
тиббий таълим тизими ва илм-фан соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш.
Шунингдек, бу марказ рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш, хусусий секторни кенгайтириш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилишга кўмаклашади.
Лойиҳа офиси фаолиятига ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари, шунингдек, хорижий эксперт ва маслаҳатчилар шартнома асосида жалб қилинади.
Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
“Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилади. Унда жамоат саломатлиги, профилактик тиббиёт, жисмоний фаоллик ихтисосликлари бўйича магистрлик йўналишлари очилади. Тиббиёт йўналишидаги талабалар билимини халқаро тан олинган тизим асосида, икки босқичда давлат имтиҳонлари орқали баҳолаш йўлга қўйилади”, — дейилади хабарда.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб, ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олийгоҳларининг 200 нафар битирувчиси магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий таълим муассасаларида ўқитилади.
Шунингдек, ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, эндокринология, дерматовенерология ва косметология марказлари, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Миллий тиббиёт маркази халқаро аккредитациядан ўтказилади.
Жорий йилда амалдаги 40 та санитария қоида ва нормалари қайта кўриб чиқилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади.
Президент таклифларни маъқуллади ва “йўл харитаси”ни тасдиқлаш бўйича топшириқ берди.