ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ўртасида 70 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланди. Бу ҳақда олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг матбуот котиби Назокат Абдуқундузова Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
Пекинда Ўзбекистон–Хитой таълим форуми ўтказилди.
Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида Пекин декларацияси қабул қилинди.
© Министерство высшего образования, науки и инноваций республики Узбекистан
“Тадбир ялпи мажлис ва 4 та панель сессиялардан ташкил топди. Мазкур форумда Ўзбекистон томонидан 37 та, Хитой томонидан 110 та етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, жами 250 нафар иштирокчи қатнашди”, – деди Назокат Абдуқундузова.
Форум доирасида Ўзбекистон-Хитой олий таълим муассасалари раҳбарлари томонидан 4 та йўналишда – аниқ фанлар, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, АКТ, гуманитар фанлар, тиббиёт ва фармацевтикага бағишланган панель сессиялари бўлиб ўтди.
“Икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида 70 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди, 5 та олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди”, – дея қўшимча қилди Абдуқундузова.
Мазкур қўшма таълим дастури асосида 300 дан ортиқ талабалар Хитойнинг илғор университетларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, Форум доирасида 100 дан ортиқ Ўзбекистон талабалари учун грант дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида Пекин декларацияси қабул қилинди.
© Министерство высшего образования, науки и инноваций республики Узбекистан
Форумда Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида Пекин декларацияси қабул қилинди.
Декларация доирасида қуйидагиларни амалга оширилади:
Хитой ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида институционал платформа яратиш;
Хитой-Марказий Осиё таълим ҳамкорлиги моделини шакллантириш;
академик алмашинув дастурларини янада ривожлантириш;
қўшма тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш.
Форум доирасида аниқ фанлар, муҳандислик, АКТ, гуманитар фанлар, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида университетлараро учрашувлар ташкил этилди ва қатор ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.