Хитой Ўзбекистонга ҳамкорликда халқаро математика марказини очишни таклиф қилди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов Пекин Университети Кенгаши раиси Хао Пинг билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Хитой Ўзбекистонга ҳамкорликда Марказий Осиё математика марказини ташкил этиш таклифини берди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг матбуот котиби Назокат Абдуқундузова маълум қилди.
Хитой сафарида бўлиб турган олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов Пекин университети кенгаши раиси Хао Пинг билан учрашди. Унда Пекин университети билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов Пекин Университети Кенгаши раиси Хао Пинг билан учрашди.
Каримовнинг қайд этишича, хорижий ОТМларнинг Ўзбекистондаги филиаллари сони 30 дан ошди.
У Пекин университетининг филиалини республикада очиш таклифини илгари сурди.
Хао Пингнинг сўзларига кўра, Пекин университетининг хорижий давлатларда ҳозиргача бирорта филиали мавжуд эмас. Бу амалиётни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари ҳақида сўз юритди.
“Ўз навбатида у ўзбек математика мактабининг дунё илмий жамоатчилиги орасида катта нуфузга эга эканини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон-Хитой Халқаро Марказий Осиё математика марказини ташкил этиш таклифини берди. Шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторидаги кадрлар етишмовчилигини инобатга олиб, Ўзбекистон-Хитой муҳандислик мактабини очиш ҳам икки давлат иқтисодиётини ривожлантиришига хизмат қилишини қайд этди”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон томони Пекин университети қошида Ўзбек тили марказини ташкил этиш бўйича ўз фикрларини баён этди. Мазкур марказга ўзбек филолог-олимлари, педагог-мутахассисларни таклиф этиш, марказга услубий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.