ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Россия Федерациясига келаётган хорижликлар учун Россияда ўзини тутиш қоидалари ва нормалари тўғрисида эслатма яратиш таклиф қилинмоқда, деб хабар беради РИА Новости.
Бу Россия ҳукумати томонидан тасдиқланган 2024-2025 йилларга мўлжалланган Давлат миграция сиёсати концепциясининг ҳаракат режасида белгиланган.
“Хорижий фуқаролар учун Россия жамиятидаги хулқ-атвор қоидалари ва нормалари, шу жумладан, миграция жараёнлари ва меҳнат ресурслари учун рақамли платформа имкониятларидан фойдаланган ҳолда ахборот материалларини яратиш ва тарқатиш”,— дейилади ҳужжат бандларининг бирида.
Ушбу чора хорижликларнинг Россия жамиятида яшаш қоидаларидан хабардорлик даражасини ошириши кутилмоқда. Бундан ташқари, режа Россияга киришни визасиз рақамли профиль орқали хабардор қилиш механизмини яратишни назарда тутади.
Ҳужжат шунингдек қуйидагиларни ўз ичига олади:
чет эл фуқароларига давлат божи ундирилган ҳолда унинг чегараларидан чиқмасдан Россияда бўлиш мақсадини ўзгартириш ҳуқуқини бериш;
махсус мобиль илова орқали хорижий фуқарони ягона биометрик тизимда Россия Федерациясидан ташқарида рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, пул ўтказмалари хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, Ягона биометрик тизим орқали;
чет элликларга Россияда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган, шунингдек, уларга кўчиш ёки бизнес активларини кўчириш ёки бизнес жараёнларини ташкил қилиш механизмини яратиш;
электрон шаклда бериладиган визалар, шу жумладан ишлаш ва ўқиш турлари рўйхатини, шунингдек, фуқаролари ягона электрон виза олиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтириш;
Россия олий ўқув юртларида, <...> касбий таълим ташкилотларида ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича олий таълим муассасаларида ўқиётган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сонининг кўпайиши;
Россияда ҳимоя сўраган шахсларнинг мослашуви учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, бошпана соҳасидаги қонунчиликдаги камчиликларни бартараф этиш.
Икки йиллик режа олтита бўлимга бирлаштирилган 40 тадан ортиқ турли тадбирларни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, режа миграция сиёсатини кучайтиришни назарда тутади, хусусан:
террорчилик фаолиятида иштирок этган хорижий фуқароларнинг активларини блоклаш;
Россия қонунларини бузганлик учун чет элликларнинг жавобгарлигини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
миграция ва қалбаки ҳужжатларни сотиш соҳасида ноқонуний хизматлар кўрсатиш бўйича таклифларни ўз ичига олган интернет ресурсларини блоклаш.